Ўзбекистонда жиноятларни фош этиш фаолияти такомиллашади, бу бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади
Ўзбекистонда жиноятларни фош этиш фаолияти такомиллашади, бу бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Фармон билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими амалиётида тергов давомида шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор тартиблар белгиланмоқда.
Жумладан, жиноятларни фош этиш фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш (белгиланган тартибда ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно) белгиланди. Шунингдек, жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш тартиби жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ соҳада халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, суд ишларини юритишнинг барча босқичларида тарафларнинг тортишув тамойили қўлланилишини янада кенгайтиришни таъминлашга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, адвокатура институти самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Қайд этиш жоиз, Президент фармони билан адвокатура институти самарадорлигини янада ошириш кўзда тутилган.
Хусусан, унда шахс амалда ушланган пайтдан бошлаб, тегишли мансабдор шахс у билан боғлиқ суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказишдан олдин адвокат билан холи учрашувни таъминлаши шартлиги белгиланади.
Шунингдек, фармон билан айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлигини белгилаш ҳам кўзда тутилди.
Бундан ташқари, фармон билан шахсга нисбатан тергов даврида эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар ярашув институти доирасига тушадиган енгилроқ моддага қайта малакаланган ҳолларда ярашув институтини қўллаш тартиби жорий қилинмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳати терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш тақиқланиши мустаҳкамланиб қўйилди.
Шунингдек, ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш тақиқланади.
Фармонга кўра, оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашгани муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоида вояга етмаганлар, I ва II гуруҳ ногиронлари, аёллар, 60 ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
“Вояга етмаганлар, I ва II гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди”, дейилади фармонда.