Россиядаги ватандош: Янги Конституциямиз ислоҳотлар тўлқини ва мазмунига мос бўлиши керак
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 9 июль. Санкт-Петербург шаҳрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган ватандошимиз Аъзамжон Охунжонов Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
- Мен 2008 йилдан буён Санкт-Петербург шаҳрида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаман. Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни доимий равишда кузатиб бораман. Юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бизни жуда хурсанд қилади.
Хусусан, сўнгги беш йилда амалга оширилган ишлар мамлакатимизда инсон қадрининг юксалаётганлигидан, ҳар бир ислоҳот халқ розилиги йўлида амалга оширилаётганлигидан далолат беради. Ўзгараётган Конституциямиз ҳам шу ислоҳотлар тўлқини ва мазмунига мос бўлиши керак.
Жумладан, Бош қомусимиз лойиҳасига гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмаслиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи истаган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги, айблашга оид барча шубҳалар, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши, қонунни қўллаш жараёнида келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак деган адолатли нормаларни киритиш таклиф қилинаётгани жиноят ишларини юритишда одиллик ва инсонийлик принципига риоя этилишини таъминлайди.