Саудия Арабистонидаги ватандош: Конституциявий ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини ошириш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва тинч-осойишталигини мустаҳкамлашга хизмат қилади
ЖИДДА, 8 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида Мадина ислом университети талабаси, Ўзбекистон фуқароси Муҳаммаджон Элмуродов ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди:
– Чет элда, Мадина ислом университетида таҳсил олаётган бўлсак ҳам, мамлакатимизда юз бераётган жараёнлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб бормоқдамиз.
Бугунги кунда Ўзбекистон Бош қомусига замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартишлар киритиш бўйича бошланган жараённи тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Ўзбекистон Конституциясини янгилаш ҳамда унга “инсон қадр-қимматини янада эъзозлаш” ва “инсон-жамият-давлат” каби конституциявий меъёрларнинг киритилиши юртимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлайди ҳамда халқимиз фаровонлигини юксалтиради.
Шунингдек, Конституцияга “чет элда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни ривожлантириш” ғоясининг киритилиши хориждаги ўзбекистонликларни янада бирлаштириб, Ватанимиз равнақи йўлида биргаликда ҳаракат қилишга замин яратади.
Янгиланаётган Конституцияда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим ва илм-фан соҳаларини тараққий эттиришга улкан аҳамият берилаётгани таҳсинга сазовор. Чунки, ушбу инновацион конституциявий меъёр давлатнинг интеллектуал қатламини шакллантиришга ҳуқуқий асос бўлади.
Том маънода, консутитуциявий ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини ошириш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва тинч-осойишталигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ватандан узоқда бўлсак ҳам, мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишга тайёрмиз.