Ўзбекистоннинг Конституциявий қонун лойиҳаси Сибирдаги ўзбек диаспораси вакиллари ва ватандошлар иштирокида муҳокама қилинди
НОВОСИБИРСК, 8 июль. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан консуллик округи ҳудудида фаолият олиб борувчи ўзбек диаспора ташкилотлари раҳбарлари ва ватандошлар иштирокида мамлакатимизда давом этаётган конституциявий ислоҳотларга бағишланган видеоконференция ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтаётгани ва халқимиз томонидан Асосий қонунга киритиш учун билдирилаётган таклифлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.
Янги Конституцияда киритилиши режалаштирилаётган барча ўзгартиш ва қўшичалар, энг аввало, ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, фаровонлиги ҳамда манфаатлари тўғрисида ғамхўрлик қиладиган, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ҳамда мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётганлиги алоҳида қайд этилди.
Онлайн-тадбирда Байкалорти ва Красноярск ўлкалари, Омск, Томск ва Кемерово вилоятларидаги ўзбек диаспора ташкилотлари раҳбарлари сўзга чиқиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар инсон қадрини юксалтириш ва республика тараққиётига хизмат қилишини таъкидлади.
Учрашув сўнггида ватандошлар ўртасида конституциявий ислоҳотлар бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш тўғрисида келишиб олинди.