Истанбулда Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ва сўнгги воқеаларга бағишланган брифинг ўтказилди
ИСТАНБУЛ, 7 июль. Мамлакатимиз Бош консулхонаси томонидан Туркия оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари учун Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва Қорақалпоғистон Республикасида сўнгги кунларда содир бўлган воқеаларнинг асл келиб чиқиш сабабларига бағишланган брифинг ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА
Тадбирда Бош консул Амирсаид Аъзамхўжаев Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар ҳақида батафсил маълумот берди. Ўзбекистон ҳукумати томонидан республикада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар айрим кучлар ва ОАВ томонидан нотўғри талқин этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Бош консул давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу воқеалар содир бўлган кунлари Нукусга бориб, оддий халқ ва фаоллар билан бир неча марта мулоқот қилганини маълум қилди. Мулоқот давомида ушбу нохуш воқеалар қорақалпоқ халқининг хоҳиш-истаги билан эмас, балки ташқи кучлар таъсири остида уюштирилганига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари таклифига биноан, Конституциявий қонун лойиҳасидан Қорақалпоғистон Республикаси мақоми тўғрисидаги нормалар бўйича таклифлар чиқариб ташлангани, Бош қомусда ушбу нормалар амалдаги шаклда қолиши қайд этилди.
Брифингда, шунингдек, сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Таъкидланганидек, мазкур ҳудуднинг саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд 2 минг 500 та инвестиция лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилди. «Ҳудуд ижтимоий соҳасини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджет ҳисобидан 1 миллиард доллар йўналтирилди, кичик бизнес субъектлари сони 2 баробар кўпайиб, қарийб 21 мингтага етди ва 83 мингта янги доимий иш ўрни яратилди», деди Бош консул.
Тадбир иштирокчилари эътибори Ўзбекистон Президентининг «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори натижаларига қаратилди.
Ҳужжат ижроси натижасида Қорақалпоғистон Республикасида 2022-2026 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулот ва саноат маҳсулотлари ҳажмларини 1,5 баравар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 1,2 баравар, хизматлар ҳажмини 2,9 баравар ҳамда қурилиш ишлари ҳажмини 1,4 бараварга ошириш режалаштирилаётгани қайд этилди.
Туркиядаги ўзбек диаспориал ташкилотларининг фаол вакиллари, ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатда тинчликни сақлаш, республика яхлитлигини таъминлаш бўйича кўрилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Анжуман якунида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.