Ўзбекистон элчиси Қоҳира шаҳрида Араб давлатлари уюшмаси Бош котиби билан учрашди
ҚОҲИРА, 7 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Қоҳира шаҳридаги элчиси Мансурбек Қиличев Араб давлатлари уюшмаси Бош котиби Аҳмад Абулгейт билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбатда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган энг муҳим воқеалар, жумладан конституциявий ислоҳотлар, Бош қомусимизга киритилиши кутилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, конституциявий қонун лойиҳаси бўйича давом этаётган умумхалқ муҳокамаси тўғрисида сўзлаб берилди.
Аҳмад Абулгейт тақдим этилган маълумотлар учун минннатдорлик билдирди. Унинг фикрича, Ўзбекистон олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатни араб давлатлари юқори баҳолайди. Тинчлик ва осойишталик Яратган томонидан тақдим этилган олий неъматлардан бўлиб, уни асраб-авайлаш ва сақлаш орқали давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида изчил тараққиётга эришилиши таъминланади.
Учрашув давомида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари уюшмаси ўртасида ҳамкорликка оид меморандумни имзолашга тайёрлик яна бир бор таъкидланди.
Суҳбатдош нафақат араб-мусулмон оламида, балки бутун дунёда умумэътироф этилган уламолар Ватани бўлмиш Ўзбекистонга бўлган катта қизиқиши ва юксак ҳурматини изҳор қилди.