Индонезиядаги ватандош: Конституциявий ислоҳотлар мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир
ЖАКАРТА, 5 июль. Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга Индонезиядаги ватандошимиз, “PT Transasia Resources” компанияси директори ўринбосари Аброр Мухторов ўз муносабатини билдирди.
– Бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқдамиз. Бу ислоҳотлар халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон қадрини улуғлаш, фуқаролар ҳаётини яхшилаш, фаровонлигини юксалтириш ва мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш каби эзгу ниятлар йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми эканига аминмиз.
Жорий йил 20 июнь куни Президентимизнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувдаги нутқида Асосий қонунимизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни мустаҳкамлаб қўйилиши ҳамда ушбу тамойил доирасида фарзандларимиз тарбияси ва уларнинг ёруғ келажагига юритилаётган сиёсатнинг муҳим йўналиши сифатида қаралиши мамлакатимиз ёшларининг келажаги ишончли ҳимоя остида эканини яққол исботлайди.
Шу билан бирга, Конституцияда тадбиркорларга мустақил фаолият юритиш ва тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини аниқ белгилаб қўйиш тамойили мамлакатимизда юксак тадбиркорлик моделини ривожланишига асос бўлишига ишончим комил.