Лувр музейи билан Ўзбекистонга бағишланган кўргазма муҳокама этилди
ПАРИЖ, 4 июль. . Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси делегациясининг Францияга ташрифи давомида Лувр музейи президенти – бош директори Лоуренс де Кар билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқотдан кўзланган мақсад 2022 йил 24 ноябридан 2023 йил 6 мартига қадар Парижнинг Лувр музейида ташкил этилиши режалаштирилган “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмасининг ташкилий масалаларини муҳокама этишдан иборат бўлди.
Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил Францияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи ўртасида ўзаро келишув ҳамда ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган.
Лоуренс де Кар Ўзбекистон маданий меъросини тарғиб этишга қаратилган мазкур ноёб кўргазма икки давлат раҳбарларининг телефон мулоқотида муҳокама қилинганлигини яна бир марта таъкидлаб, мазкур кўргазма муҳим аҳамият касб этишини билдирди.
Лувр раҳбари жорий йил май ойида француз реставраторларининг Ўзбекистонга ташрифи ва кўргазма учун мўлжалланган экспонатларнинг реставрация жараёни муваффақиятли ўтганини маълум қилди. Шунингдек, Франциянинг бир қатор етакчи ОАВларидан ташкил топган журналистларнинг Ўзбекистонга пресс-тури ҳам қизиқарли ва самарали ўтганини, айниқса тележурналистлар ажойиб сюжетлар тасвирга олганини айтиб ўтди.
Лувр музейи Ислом санъати департаменти директори Я.Линц, кўргазмага тайёргарлик ишлари тўғрисида маълумот берди. Жумладан, кўргазма концепцияси 5 қисмдан иборат экани, Ўзбекистондан ноёб тарихий ашёлар танлангани, кўргазмага бағишланган бир қатор фильмлар яратилаётганлиги таъкидланди.
Учрашув якунида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Лувр музейи ўртасида Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросига бағишланган кўргазма ўтказиш бўйича битим имзоланди.